"Андижон" клубининг 23 ёшли қанот ҳимоячиси Маҳмуд Махамаджонов Россия Премьер-лигаси иштирокчиси — Махачқаланинг "Динамо" клубига трансфер қилинди.
Футболчининг трансфер қиймати 250 минг долларга баҳоланган.
Маҳмуд Махамаджонов "Андижон" сафига жорий йил бошида қўшилган эди. У жамоа таркибида Суперлигада 19 та учрашувда майдонга тушиб, 1 та голли узатмани амалга оширди.
Ўзбекистон Кубогида эса ҳимоячи 3 та баҳсда иштирок этиб, 2 та ассист қайд этди.
Шу тариқа, Махамаджонов "бургутлар" сафида барча мусобақалар доирасида жами 22 та учрашувда майдонга тушди.
"Андижон" клуби футболчига жамоа сафидаги фаолияти учун миннатдорлик билдириб, Россия Премьер-лигасидаги янги босқичида омад ва муваффақият тилади.