Қатарнинг Доҳа шаҳрида шахматнинг рапид йўналишидаги жаҳон чемпионатида бугун иккинчи кун доирасида 4 та тур ўйинлари ўтказилди.
Мусобақа формати: шахматчиларга жами 15 дақиқада вақт берилади ва ҳар бир юришга 10 сония қўшиб берилади.
Ҳамюртларимиз орасида Нодирбек Абдусатторов бугун энг яхши натижа қайд этди. Ҳамюртимиз бугун ўтказилган 4 та баҳснинг барчасида ғалаба қозонди. Хусусан, Нодирбек куннинг сўнгги баҳсини амалдаги жаҳон тожи соҳиби Гукеш Домараджуни қора доналарда мағлуб этишга муваффақ бўлди.
Бунинг оқибатида Абдусатторов 7,0 очко билан жадвалда 6-ўринга кўтарилиб олди. Ҳамюртимиз пешқадамлар Владислав Артемиев (Россия) ва Ханс Нимен (АҚШ)дан 0,5 очко ортда қолмоқда.
Жавоҳир Синдаров эса бугун 4 та ўйинда 2,5 очко тўплади. У ўз очколарини 6,5 очко билан жадвалда 12-поғонани эгаллаб турибди.
Муҳиддин Мадаминов ва Нодирбек Ёқуббоев 5,5 очко тўплаб туришибди. Шамсиддин Воҳидов ва Ҳумоюн Бегмуротов ҳисобида 4,5 очко мавжуд.
Қизлар ҳам бугун 4 та тур ўйинларида иштирок этишди. Афруза Ҳамдамова 4 та ўйиндан 3 очко тўплашга эришди ва 6 очко билан турнирда 12-поғонани эгаллаб турибди. Ҳулкарбегим Тоҳиржонова эса 5,5 очко билан 18-қаторни банд этган. Умида Омонова 4,5 очко билан 61-ўринни эгаллаб турибди.
Қизлар турнирида хитойлик Жу Жинер ва ҳиндистонлик Конеру Хумпи 6,5 очко билан пешқадамлик қиляпти.
Турнирда эртага эркаклар 4 та ва аёллар 3 тадан ўйин ўтказишади ва рапид мусобақаси якунига етади.
Ўзбекистон терма жамоасининг ЖЧда иштирок этаётган таркиби
Опен (эркаклар) йўналиши:
Нодирбек Абдусатторов
Жавоҳир Синдоров
Нодирбек Ёқуббоев
Шамсиддин Воҳидов
Жаҳонгир Воҳидов
Муҳиддин Мадаминов
Муҳаммадзоҳид Суяров
Ҳумоюн Бегмуротов
Аёллар йўналиши:
Афруза Ҳамдамова
Умида Омонова
Гулруҳбегим Тоҳиржонова
Нилуфар Ёқуббоева
Мадинабону Халилова
Гулдона Каримова.