Ҳижрий тақвим Ойнинг ҳаракатига асосланади. Янги ҳилол кўринган куннинг эртаси янги ойнинг биринчи куни ҳисобланади. Шу сабабли қамарий ойлар 29 ёки 30 кун давом этади, йил эса 354 ёки 355 кундан иборат бўлади. Бу милодий йилдан 10–11 кунга қисқароқ демакдир.

Милодий ойларда кунлар сони ўзгармас бўлса, ҳижрий ойларнинг давомийлиги табиий ҳодиса — янги ойнинг кўринишига боғлиқ. Шунинг учун Рамазон ойи ҳам гоҳида 29, гоҳида 30 кун бўлиши табиий ҳол.

Манбаларга кўра, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинада тўққиз йил Рамазон рўзасини тутганлар. Шу йилларнинг аксариятида рўза 29 кун, айримларида эса 30 кун бўлган. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай ривоят қиладилар:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга 30 кундан кўра кўпроқ 29 кун рўза тутганмиз” (Имом Аҳмад ривояти).

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Икки байрам ойи камаймайди: Рамазон ва Зулҳижжа” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти), — деб марҳамат қилганлар.

Уламоларнинг таъкидлашича, бу ҳадисда мазкур ойлар фазилат ва савоб жиҳатидан камаймаслиги англатилган. Яъни, Рамазон 29 кун бўлган тақдирда ҳам, унинг ажр-мукофоти тўлиқ ҳисобланади.

Демак, Рамазон ойининг 29 ёки 30 кун бўлиши — фалакий қонуният. Бу ҳол рўзанинг савобига таъсир қилмайди. Энг муҳими — ибодатни ихлос ва шариат талабларига мувофиқ адо этишдир.