Озарбайжоннинг «Сабаҳ» клуби Чемпионлар лигаси саралаш босқичи жавоб учрашувида Исроилнинг «Хапоэль Беэр-Шева» жамоасини 5:2 ҳисобида мағлуб этди.
Боку шаҳридаги Тофиқ Баҳромов номидаги стадионда ўтган баҳснинг асосий вақти 3:2 ҳисобида «Сабаҳ» фойдасига якунланди. Икки ўйин натижасига кўра ҳисоб тенглашгани боис қўшимча бўлимлар ўйналди.
«Хапоэль» 10-дақиқада Игор Златановичнинг голи билан ҳисобни очди. 38-дақиқада Кристиан Нвачукву мувозанатни тиклади. Иккинчи бўлимда меҳмонлар Гай Мизрахи орқали яна олдинга чиқиб олди.
74-дақиқада ўзбекистонлик ярим ҳимоячи Умарали Раҳмоналиев муҳим голни уриб, ҳисобни 2:2 кўринишига келтирди. У 83-дақиқада алмаштирилди.
Асосий вақтга қўшиб берилган тўртинчи дақиқада Теллур Муталлимов «Сабаҳ»нинг учинчи голини урди ва баҳс қўшимча вақтга қадар чўзилди.
Қўшимча бўлимларда Орфе Мбина 101-дақиқада, Жой-Ленс Микелс эса 115-дақиқада гол уриб, мезбонларнинг йирик ғалабасини таъминлади.
Шу тариқа, «Сабаҳ» жавоб учрашувида 5:2 ҳисобида ғалаба қозонди ва икки ўйин натижасига кўра 6:4 ҳисобида устун келиб, ЕЧЛ асосий турнирига йўл олди.