Монако шаҳрида 2026/2027 йилги мавсум УЕФА Чемпионлар Лигасининг асосий босқичига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.
Ушбу мусобақа тарихида биринчи марта Озарбайжоннинг «Сабах» жамоаси асосий босқичда иштирок этади. Клуб бу босқичгача етиб келиш учун бир нечта саралаш раундларидан муваффақиятли ўтди.
Қуръа натижалари эълон қилингач, кўплаб футбол мутахассислари «Сабах» жуда оғир гуруҳга тушганини таъкидлашди.
Озарбайжон клубининг рақиблари қуйидагича шаклланди: «Барселона» (ўз майдонида), «Арсенал» (сафарда), Дортмунднинг «Боруссия»си (ўз майдонида), «Манчестер Юнайтед» (сафарда), «Наполи» (ўз майдонида), «Вильярреал» (сафарда), Праганинг «Славия»си (ўз майдонида) ва «Викинг» (сафарда).
Боку клуби сафида ўзбекистонлик легионер Умарали Раҳмоналиев ҳам тўп сурмоқда. 22 ёшли ярим ҳимоячимиз Чемпионлар лигаси саралаш раундлари ва плей-офф босқичида жами саккизта учрашувда иштирок этиб, ўз ҳисобига биттадан гол ва ассист расмийлаштириб қўйди.
Эслатиб ўтамиз, амалдаги чемпионлик соҳиби Франциянинг «ПСЖ» клуби ҳисобланади. Париж жамоаси ўтган мавсум финалда «Арсенал»га қарши баҳсда 11 метрли жарима ударлари сериясида ғалаба қозониб, кубокни қўлга киритган эди.