Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан жойларда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида жами 16,4 кг наркотик моддалар мусодара қилинди.
Самарқанд тумани ҳудудида ҳаракатланаётган «Некция» русумли автомашина тўхтатилиб кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган Пахтачи туманида яшовчи, 1981 й.т. Э.М. га тегишли 7 кг. 230 гр. «гашиш» ва 1 кг. 289 гр. «метамфетамин» гиёҳвандлик воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Терговга қадар текширув давомида, улар афғонистонлик наркосавдогарлар томонидан юборилганлиги маълум бўлди.
Ургут туманида кузатилган ҳолатда эса, муқаддам судланган фуқаролар, 1986 й.т. Ф.Х. ва 1999 й.т. Ш.А.лар Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан олиб келинган 921 гр. «опий» моддасини харидорга 12 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.
Наманган шаҳрида яшовчи, 1995 й.т. Ш.Ю. ва А.Ю. ҳамда 1994 й.т. Ш.Қ.лар муқаддам тожикистонлик наркосавдогарлар томонидан Чуст туманидаги дала майдонига яшириб кетилган 3 кг. 50 гр. «гашиш» моддасини олган вақтларида ушланди.
Бошқа ҳолатда эса «Наманган-Андижон» йўналишида ҳаракатланаётган «Ласетти» русумли автомашина Норин тумани ҳудудида тўхтатилиб текширилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган, Асака туманида яшовчи, 1989 й.т., муқаддам судланган Ф.Х.га тегишли 1 кг. 911 гр. «гашиш» моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди. Терговга қадар текширув давомида, ушбу ажал оғуси муқаддам Қирғиз Республикасидан айланма йўллар орқали Наманган вилоятининг Учқўрғон туманига олиб келинганлиги маълум бўлди.
Сурхондарё вилоятида қайд этилган ҳолатда Денов туманида яшовчи, 1990 й.т., муқаддам судланган Б.Б. Тожикистон Республикасидан олиб келинган 2 кг. 16 гр. «опий» моддасини 10 минг АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 246 ва 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.