Олий Раданинг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Дмитрий Лубинецнинг айтишича, у «руслар қуролсиз украиналик асирни қилич билан қатл этгани» акс этган видео юзасидан Халқаро Қизил Хоч қўмитаси ва БМТга мурожаат қилган.
«Украинская правда» нашрининг ёзишича, 17 сентябрь куни эрталаб ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган видеода украиналик ҳарбий кийимдаги эркак «Курск учун» деб ёзилган қилич билан ўлдирилгани акс этган. Қонли жасад йўлда шикастланган техника ва деразалари синган уй фонида ётарди. Бу аниқ қаерда содир бўлганлиги номаълум.
«Варварлик ва қонхўрлик даражаси тушунарсиз. Бундай ҳаракатлар ҳарбий асирлар билан муомала қилиш тўғрисидаги Женева конвенциясини қўпол равишда бузиш ҳисобланади!» — деб ёзди Лубинец ўзининг Телеграм-каналида.
У халқаро ташкилотларга «Россия томонидан инсон ҳуқуқларининг навбатдаги бузилишини ҳужжатлаштириш учун» мурожаат қилди. Шунингдек, унинг фикрича, бундай намойишкорона қотилликлар Украина жамиятини руҳий тушкунликка туширишга қаратилган.