Ижтимоий тармоқларда Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси ҳудудида жойлашган Палтау шаршарасигача йўлтанламас автомобилда ноқонуний кириш акс этган видео тарқали ва кескин танқидларга сабаб бўлди.
Тошкент вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси Бўстонлиқ туман бўлими инспекторлари ҳолатни ўрганиб, транспорт воситаси билан қўриқхонага ноқонуний кирилганлигини аниқлади.
Ҳуқуқбузарга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 82-моддаси 2-қисми бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари — 3 миллион 750 минг сўм жарима белгиланди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги қонунининг 19–22-моддалари ва “Табиати муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 47-моддасига кўра, давлат қўриқхоналари ва бошқа табиий ҳудудларда ҳар қандай фаолият тақиқланади. Фуқароларга фақат тегишли рухсатнома билан муҳофаза ҳудудларига кириш рухсат этилган.