Бугун 22 ноябрь, 2024 йил, жума

O'ZB

Қўқондаги чойхонада содир этилган жиноят бўйича 36 кишига суд ҳукми ўқилди. 1 кишига қидирув эълон қилинган

Қўқондаги чойхонада содир этилган жиноят бўйича 36 кишига суд ҳукми ўқилди. 1 кишига қидирув эълон қилинган

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди Қўқон шаҳридаги “Шедевр” ва Данғара туманидаги “Марокаш” номли чойхоналарда содир этилган жиноятлар ва улар билан боғлиқ бошқа жиноятлар бўйича айблов ҳукмини чиқарди.

Дастлабки тергов органи томонидан 37 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айб эълон қилинган жиноят иши суд мажлисида қонунда белгиланган 4 ой кўрилди.

Судья Раҳматжон Арабовнинг маълум қилишича, судланувчиларнинг бир нафари суддан яширингани учун жиноят ишининг унга оид қисми алоҳида иш юритувига ажратилиб, эҳтиёт чораси қамоққа алмаштирилиб, қидирув эълон қилинган.

Суд судланувчиларнинг 1 нафарини безорилик руҳида уч одамни қасддан ўлдиришга суиқасд қилиш, қонунга хилоф равишда қурол сақлаш ва безорилик жиноятлари содир этган деб, аввалги ҳукм билан тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини қисман қўшиб 16 йил муддатга, ўқотар қуролини қонунга хилоф равишда ўтказиш жиноятини содир этган 1 нафар шахсга аввалги ҳукм билан тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини қисман қўшиб 10 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Ўқотар қуролини қонунга хилоф равишда сақлаш жиноятини содир этган 1 нафар шахсга аввалги ҳукм билан тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини қисман қўшиб 4 йил 4 ой муддатга, муқаддам судланган ва суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ даврида безорилик жинояти содир этган 9 нафар шахсга нисбатан аввалги ҳукм билан тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини қисман қўшиб 5 йил муддатга, безорилик жинояти содир этишда фаол иштирок этган 4 нафар шахсга 5 йил, 2 нафарига 4 йил муддатга, бошқаларнинг ундови билан безорилик жинояти содир этган 18 нафар шахсга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланди ва уларнинг 2 нафари суд залидан қамоққа олинди.

Ҳукм эълон қилингандан сўнг судья ҳукм мазмуни, судда келтирилган айрим важлар билан қўшилмаслик сабаблари, жазо тайинлашда эътиборга олинган ҳолатлар ва ҳукмдан норози тарафларнинг шикоят қилиш ҳуқуқларини тушунтирди.

Киритилди: 13:16 04.12.2020. Ўқилди: 4454 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!