11 сентябрь куни Қозоғистоннинг Олмаота вилояти Или туманидаги темир-терсак қабул қилиш пунктларидан бирида кучли портлаш содир бўлиб, уч кишининг ҳаётига зомин бўлди. Ҳалок бўлганларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари экани маълум бўлди. Бу ҳақда вилоят ИИБга таяниб, "Zakon.kz" хабар берди.
Расмий маълумотларга кўра, портлаш номаълум жисмнинг таъсири натижасида содир бўлган. Воқеа жойида тезкор хизматлар - полиция, ёнғин хавфсизлиги ходимлари ва тез тиббий ёрдам бригадаси иш олиб борган. Бироқ, афсуски, қурбонларнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмади.
"Эҳтимол, Мудофаа вазирлигининг темир-терсаклари орасида портламай қолган миналар ҳам бўлгандир. Ҳозир барча куч тузилмалари етиб келди, текширув олиб борилмоқда," - дейди темир-терсак қабул қилиш пункти эгаси.
Воқеа жойи тўлиқ ўраб олинган, у ерга ҳеч ким киритилмаяпти, деб ёзади "Nur.kz." Воқеа жойида криминалистлар ва Мудофаа вазирлиги вакиллари ишламоқда. Ҳозирда портлашнинг аниқ сабаблари аниқланмоқда.