Россия президенти Владимир Путин Украинадаги энергетика ва сув таъминоти инфратузилмасига қарши янги, кенг кўламли ҳужумларга тайёрланаётгани ҳақида The New York Times хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, Россия томони Киев, Одесса ва Харков каби йирик шаҳарларнинг электр энергияси, иссиқлик ва сув таъминотини жиддий издан чиқаришни режалаштирмоқда. Ҳужумлар иссиқлик электр станциялари, насос станциялари ва қозонхоналардан ташқари, атом электр станцияларини умумий электр тармоғига улаб турувчи инфратузилмага ҳам қаратилishi мумкин.
The New York Times ёзишича, Украина энергетика вазири Денис Шмигаль икки ҳафта аввал Парижда Европа иттифоқчиларига Россиянинг эҳтимолий ҳужум режаси акс этган ҳужжатни тақдим этган. Тахминларга кўра, мазкур ҳужжат Украина томони томонидан қўлга киритилган. Унинг нусхаси The New York Times ихтиёрига ҳам келиб тушган.
Нашрга кўра, ўтган қишда кўплаб украиналиклар кунига 12 соатдан ортиқ вақт электр энергиясиз қолган. Электр таъминотидаги узилишлар, иситиш тизимидаги муаммолар, совуқ хонадонлар ва сув танқислиги аҳолининг кундалик ҳаётига жиддий таъсир кўрсатган.
Украина электр станцияларини таъмирлаш, янги энергетика объектларини қуриш ва муҳим тармоқларни ҳимоя қилиш учун юзлаб миллион евро сарфлаган. Бироқ мамлакатда ҳаво мудофааси ракеталари етишмаслиги ва янги турдаги реактив дронларга қарши ҳимоя имкониятлари чеклангани қайд этилмоқда.
Газета маълумотларига кўра, эҳтимолий ҳужум режасида Россия бир вақтнинг ўзида мингтагача ракета, дрон ва авиабомбалардан фойдаланиши мумкин.
Украина расмийлари эса мамлакатда сув таъминоти кенг кўламда узилиб қолган тақдирда фойдаланиш мумкин бўлган захира имкониятлар етарли эмаслигидан хавотир билдирмоқда.