Қозоғистон Мудофаа вазирлигидаги аҳволни ҳар томонлама комплекс текшириш бўйича тузилган комиссия 14 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган Каспий денгизидаги машғулотларни режалаштиришда қоидабузарликлар бўлганини аниқлади. Бу ҳақда Акорда Қасим-Жомарт Тоқаевнинг комиссия аъзолари билан ўтказилган йиғилиши якунларига таяниб маълум қилди.
«Терговнинг дастлабки натижалари ҳарбий тадбирларни режалаштиришда жиддий хатоларга йўл қўйилганини ҳамда аввалги раҳбарият томонидан лозим даражада назорат олиб борилмаганини кўрсатмоқда», — дейилади хабарда.
Текширувнинг биринчи босқичи якунлари бўйича Мудофаа вазирлигининг ташкилот ва бўлинмалари фаолиятида давлат мулкини эҳтимолий талон-торож қилиш, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ва бошқа турдаги қонунбузарликлар юзасидан 13 та жиноят иши қўзғатилди.
Қўмондонлик таркибининг жиноий совуққонлиги фактлари бўйича судгача бўлган тергов ҳаракатлари давом этмоқда, беш нафар мансабдор шахс ҳибсга олинган. Тоқаев барча айбдорларни жавобгарликка тортишни талаб қилди ва бу масалани ўз шахсий назоратига олди.
Шунингдек, Қозоғистон Олий аудиторлик палатаси Мудофаа вазирлигига қарашли 50 та объектда, жумладан, 48 та ҳарбий қисмда текширув олиб бормоқда. Аудит доирасида Қуролли кучлар фаолиятининг барча асосий йўналишларидаги мавжуд ҳолат баҳоланади, дея таъкидланади хабарда.
24 сентябрь куни Манғистау вилоятида Қозоғистон Ҳарбий-денгиз кучларининг ўқув машғулотлари ўтказилаётган вақтда об-ҳавонинг кескин ёмонлашуви ва шамол кучайиши сабабли 17 нафар ҳарбий хизматчини Каспий денгизига оқизиб кетганди. Улардан 14 нафари ҳалок бўлган.
Орадан бир неча кун ўтиб, Тоқаев ушбу ҳодисани ҳарбий раҳбариятнинг «жиноий нопрофессионаллиги» оқибати деб баҳолаб, мудофаа вазири Даурен Косановни лавозимидан озод этди.