Қозоғистондаги портлашда ҳалок бўлган ўзбекистонликлар масаласи бўйича Миграция агентлиги баёнот берди.
Жорий йилнинг 11 сентябр куни Қозоғистон Республикасининг Олмаота вилояти, Или тумани, Байсерке қишлоғида жойлашган LGN Metal корхонасида портлаш юз берди. Оқибатда уч нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлгани маълум қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Миграция агентлиги мазкур фожеа муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдираб, марҳумларнинг оилалари ва яқинларига сабр-тилаклар изҳор этади.
Агентлик хабарига кўра, ҳодиса юзасидан Или тумани полицияси томонидан инсон ўлимига сабаб бўлган меҳнат муҳофазаси қоидаларини бузиш аломатлари бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон томонидан марҳумларни Ватанга олиб келиш учун барча зарур ҳужжатларни расмийлаштириш ишлари ташкиллаштирилган. Шу билан бирга, ҳудудий Миграция агентликлари ходимлари марҳумларнинг оила аъзоларига зарур амалий ёрдам кўрсатиш учун бириктирилган.
Ҳозирда Қозоғистоннинг масъул идоралари билан доимий ҳамкорлик ўрнатилган бўлиб, тергов жараёнининг бориши назорат остида.