2027 йил 1 июлдан мамлакатга кириш учун электрон рухсатнома олиш талаб этилади.
Қозоғистон 2027 йил 1 июлдан бир қатор давлатлар, жумладан, Россия, АҚШ, Германия ва Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатлари фуқаролари учун электрон рухсатнома олиш талабини жорий этади. Ушбу ҳужжатсиз мамлакатга кириш рад этилади.
Бу ҳақда Қозоғистоннинг Zakon ахборот портали 10 октябрда қабул қилинган ҳукумат қарорига таяниб хабар берди.
Янги тартибга кўра, саёҳатчилар мамлакатга киришдан камида 72 соат олдин QazETA онлайн портали орқали ариза топшириши керак бўлади. Электрон рухсатнома бепул расмийлаштирилади ва 180 кун давомида амал қилади.
Аввалроқ Қозоғистонга визасиз режим асосида келадиган Россия ва бошқа давлатлар фуқаролари учун электрон рухсатнома олиш талаби 1 ноябрдан бошлаб жорий этилиши ҳақида хабар берилган эди. Ушбу талаб самолётда келувчи йўловчиларга нисбатан қўлланилиши кутилганди.
Бироқ Қозоғистон расмийлари янги тартибнинг дастлабки босқичларини аниқлаштирди.
Жумладан, ноябрь ойидан бошлаб Ақтау аэропортида ва тўртта автомобиль ўтказиш пунктида йўловчиларга электрон рухсатнома олиш зарурати тушунтирилади. Бу босқичда рухсатнома йўқлиги сабабли мамлакатга кириш рад этилмайди.
2027 йил январидан бошлаб шундай чоралар Остона ва Олмаота аэропортларида ҳам амалга оширилади. Бу ерда ҳам дастлаб электрон рухсатнома мавжуд эмаслиги учун киришни рад этиш назарда тутилмаган.