Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармаси Алоҳида муҳим ижро ишларни ижро этиш шўъбаси томонидан суд ҳужжатлари ижросини таъминлаш, кредит қарздорлигини ундириш ва ундирувчининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида тегишли ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Хусусан, Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг 2026 йил 11 сентябрдаги ижро варақасига асосан, қарздор фуқародан ундирувчи банк АТБ фойдасига 1 миллиард 57 миллион 328 минг 421 сўм кредит қарздорлигини ундириш белгиланган.
Суд ҳужжатида қарздорга тегишли бўлган Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Ислом Ота МФЙ, Қорақамиш 1/2-мавзесидаги кўп квартирали уйдаги тегишли хонадонга ундирув қаратиш назарда тутилган. Мазкур хонадоннинг бошланғич баҳоси суд ҳужжатига мувофиқ 1 миллиард 200 миллион сўм этиб белгиланган.
Қонунчилик талабларига мувофиқ, қарздорга қарздорликни ихтиёрий равишда бартараф этиш учун белгиланган муддат берилган. Бироқ ушбу муддат давомида кредит мажбуриятлари бажарилмагани сабабли, суд ҳужжати ижросини таъминлаш мақсадида мажбурий ижро чоралари кўрилди. Жумладан, гаров таъминоти ҳисобланган мазкур хонадон белгиланган тартибда хатланди.
Айни пайтда хонадонни «E-Auksion» электрон савдо платформаси орқали сотувга чиқариш чоралари кўрилмоқда. Аукцион савдолари натижасида тушадиган маблағлар қонунчиликда белгиланган тартибда ундирувчига йўналтирилиб, мавжуд кредит қарздорлигини қоплашга хизмат қилади.
Мазкур ҳолат кредит мажбуриятларини ўз вақтида бажариш нафақат қарздорнинг молиявий масъулияти, балки гаровга қўйилган мол-мулкнинг ҳуқуқий тақдири билан ҳам бевосита боғлиқ эканини кўрсатади. Зеро, қарздорликни ихтиёрий равишда бартараф этиш имкониятидан фойдаланилмаган тақдирда, қонунчиликда белгиланган тартибда гаров мулки ҳисобига ундирувни амалга ошириш чоралари кўрилади.