Қозоғистон узоқ муддатли хорижий инвестицияларни жалб қилишга қаратилган янги виза дастурини ишга туширди.
Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, департамент ташаббуси билан "олтин" инвестор визасини олишнинг янги қоидалари тасдиқланди.
"Янги қоидаларга кўра, Қозоғистон компанияларининг устав капиталига ёки маҳаллий қимматли қоғозларга камида 300 минг АҚШ доллари миқдорида сармоя киритган хорижий фуқаролар инвестор визасини олиш учун электрон ариза топширишлари мумкин бўлади", — дейилади хабарда.
Ушбу "олтин" виза кейинчалик Қозоғистон Республикасида 10 йилгача яшаш учун рухсатнома олиш имкониятини беради.
Қайд этиш жоизки, инновация Қозоғистоннинг очиқлик, капитал ҳимояси ва барқарор халқаро иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга қаратилган стратегик эътиборини акс эттиради.
Ҳужжат расмий эълон қилинган кундан бошлаб 10 кун ўтгач кучга киради.