Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик хати йўллади. Унда Тўқаев жорий йилнинг 14-16 ноябрь кунлари Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи давомида Қозоғистон делегациясига кўрсатилган илиқ меҳмондўстлик учун ўз миннатдорлигини билдирган. Бу ҳақда Оқўрда матбуот хизмати хабар берди.
Хатда мазкур ташрифнинг тарихий аҳамияти қайд этилган бўлиб, у Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқдошликни мустаҳкамлашга кучли туртки бергани таъкидланган.
Қозоғистон Президенти Тошкентда ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг VII Маслаҳат учрашуви ташкил этилишини ҳам юқори баҳолаган. Унинг сўзларига кўра, минтақа ҳамкорлигининг барча йўналишлари бўйича мазмунли муҳокамалар, қабул қилинган муҳим қарорлар ва ҳужжатлар, шунингдек, Озарбайжоннинг тўлаҳуқуқли иштирокчи сифатида қўшилиши форумга стратегик аҳамиятга эга воқеа мақомини берган.