1️⃣ Андижон шаҳри ва Олтинкўл туманида яшовчи 1995, 1998, 2002 йилларда туғилган 3 нафар шахс крипто-активлар билан шуғулланувчи Андижон туманида истиқомат қилувчи, 2004 й.т. фуқарони автомашинага мажбурлаб ўтқазиб, унга ўзларини гўёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари сифатида таништиришади.
Сўнгра, жиноий гуруҳ аъзолари товламачилик йўли билан унинг 100 минг АҚШ доллари миқдоридаги криптовалюталарни ўзлаштириб олиб, эвазига унга 160 минг қалбаки АҚШ доллари беришади.
Ўтказилган тезкор тадбирда сохта ходимлар қўлга олиниб, уларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а” банди ва 176-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилди.
2️⃣ Сурхондарё вилоятида кузатилган ҳолатда эса, Денов шаҳрида яшовчи, 1993 й.т., муқаддам судланган шахс Душанбе шаҳрида истиқомат қилувчи, 1993 й.т. Тожикистон Республикаси фуқаросини ноқонуний равишда ушлаб турган.
Аниқланишича, деновлик шахс Душанбе шаҳрида яшовчи 1988 й.т. танишига 11 минг АҚШ доллари берган ва гаров сифатида унинг шеригини Денов шаҳрида олиб қолган.
Пуллар ўз вақтида қайтарилмаганидан сўнг, мазкур Тожикистон фуқаросини тутқунликда ушлаб, турли хил қийноқларга солиб, унга оғир даражада тан жароҳати етказган.
Ҳозирда деновлик зўравонга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
3️⃣ Хоразм вилоятида ҳам ўзларидан кўча ясаб олиб, ўзгаларга зўравонлик қилган шахслар ушланди.
Жумладан, Урганч ва Хива шаҳарларида ҳамда Боғот туманида яшовчи, 1991, 1996 ва 1997 йилларда туғилган 3 нафар фуқаро ўз ҳудудларида “кўча ечими”га аралашиб, жиноятлар содир қилиб келишган.
Кўрилган чора тадбирлар натижасида уларнинг ҳар бирига нисбатан Жиноят Кодексининг 277-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
4️⃣ Вилоятнинг Янгиариқ туманида ўтказилган тезкор тадбирда, 1965 й.т. шахс ўзининг яшаш хонадонида қимор ўйинлари ташкил қилганлиги маълум бўлиб, ушбу хонадонда қимор ўйнаётган 5 нафар шахсдан жами 32 млн сўм ва ўйин карталари олинди.
Эндиликда улар қонун олдида жавоб беришади.
5️⃣ Наркожиноятларга қарши курашиш йўналишида Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида ўтказилган тезкор тадбирда 1950 й.т. муқаддам судланган фуқаро ўзининг яшаш хонадонида келгусида сотиш мақсадида 20 кг 400 гр. “марихуана” гиёҳвандлик воситасини сақлаб келаётганлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
❗️ Бу каби салбий ҳолатларга нисбатан эса ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қатъий чоралар кўрилади!