Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг ўғли - Адамга "Ахмат-Грозний" ОМОНнинг 25 йиллиги муносабати билан эсдалик медали топширилди. Бу ҳақда Қодиров ўзининг телеграм каналида маълум қилди.
Бўлинма юбилейи муносабати билан тантанали сафланиш бўлиб ўтди. Тадбирда Минск шаҳар ижроия қўмитаси ИИББ ОМОН вакили бўлган Беларус делегацияси ҳам иштирок этди. Делегация бошида отряд командири, милиция полковниги Николай Максимович бўлиб, унга ҳам эсдалик медали топширилди.
Қодировнинг ўғли 17 ёшда, у республика раҳбарининг ёрдамчиси, шунингдек, Чеченистон Хавфсизлик кенгаши котиби.
Медаль Адам Қодировнинг навбатдаги мукофоти бўлди. Бунгача, март ойида унга Россия гвардиясининг "Жанговар хизматлари учун" идоравий медали топширилган эди. Декабрь ойида унга Кавказ уруши давридаги чечен қўмондони, ноиб Имомат Бойсангур Беноевский ордени абадий сақлаш учун топширилди, август ойида унга Чеченистон Республикасининг энг олий мукофоти - Аҳмад Қодиров ордени берилди.