Тожикистон-Қирғизистон чегарасидаги Исфара шаҳрининг Сомониён қишлоғида икки давлат чегарачилари ўртасида отишма содир бўлди, деб хабар берди «Азиа-Плюс»га Сомониён қишлоғи аҳолиси. Манбаларга кўра, қишлоқдаги аёллар ва болалар хавфсиз жойга эвакуация қилинган.
«Айни дамда отишма давом этмоқда. Аввал қирғиз ҳарбийлари отишма бошлаган, бунга жавобан тожик ҳарбийлари ўт очишган ва отишма бошланган. Ярадорлар бор, аммо аниқ сони номаълум», — деди исмини ошкор қилишни истамаган қишлоқ аҳолисидан бири "Азиа-Плюс"га.
Манбанинг қайд этишича, ҳозирда воқеа жойида Исфара ҳокими Баҳоваддин Баҳодурзода бўлиб, Қирғизистон томони билан музокаралар олиб бормоқда.
«Можаро Қирғизистон фуқароларининг Сомониён қишлоғида Тожикистон фуқароларининг автомашиналарига тош отгани сабабли юзага келган. Айни дамда Исфара-Ўш йўли тўсиб қўйилган», — деди манба.
Қирғизистон томони эса йўл Тожикистон фуқаролари томонидан тўсилганини даъво қилмоқда.