Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан қўшни қардош Қирғизистон Республикасининг Баткен вилояти Маргун қишлоғидаги 330 ўринли умумий ўрта таълим мактаби қурилишига ўтган йилнинг июль ойида старт берилганди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар тарқатди.
Ўзбекистонлик қўли гул бунёдкорлар энг замонавий мактабни қисқа фурсатларда қуриб, жиҳозлаб бердилар. Таълим муассасидаги барча синф хоналари шинам ва ёруғ, қулай замонавий парталар, сўнгги русумдаги компьютер хоналари билан таъминланди. Шунингдек, мактабнинг ошхонаси, спорт ва фаоллар заллари ҳам замон талаблари асосида жиҳозланди.
Мазкур мактабнинг очилиш маросимида онлайн видеоконфренция тартибида Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раиси Акылбек Жапаров қатнашди.
Унда ҳамкорликдаги бундай тадбирлар икки қардош халқлар дўстлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига алоҳида таъкидлаб, ўзаро ҳамкорлик кенгайиб бораётганига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Замонавий янги мактабнинг очилиш тантаналарида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов, Қирғизистон Республикаси таълим ва фан вазири Алмазбек Бейшеналиев ҳам қатнашиб, ҳукуматлар раҳбарлари розилиги билан мактабнинг рамзий тасмасини қирқдилар.
Тадбир якунида мактаб ўқувчилари ўзлари томондан тайёрланган концерт дастурлари билан меҳмонларни хушнуд этдилар.