Бугун 11 сентябрь, 2026 йил, жума

O'ZB

Қирғизистонда "Бишкек Арена" харажатлари махсус комиссия томонидан текширилади

Қирғизистонда "Бишкек Арена" харажатлари махсус комиссия томонидан текширилади

Қирғизистон президенти матбуот котиби Аскат Алагозов Бишкекда барпо этилган "Бишкек Арена" стадиони қурилишига 386 миллион доллар сарфланганини маълум қилди. У иншоот қиймати 60 миллион доллар атрофида бўлгани ҳақида аввал тарқалган хабарларни рад этди.

Алагозовнинг тушунтиришича, дастлаб 30–35 минг томошабинга мўлжалланган оддий стадион қуриш режалаштирилган ва унинг тахминий қиймати 60–70 миллион доллар атрофида баҳоланган. Кейинчалик президент Садир Жапаров лойиҳани тубдан ўзгартириш бўйича топшириқ берган.

Янги концепцияга кўра, стадион қирғиз ўтови шаклида барпо этилган. Шунингдек, иншоотни сақлаш харажатлари келажакда давлат бюджетига оғирлик қилмаслиги учун унинг таркибига савдо марказлари, ресторанлар, кинотеатрлар, спорт заллари ва бошқа тижорат объектлари ҳам киритилган.

Лойиҳа кўламининг кенгайишига FIFA талаблари ҳам таъсир қилган. Жаҳон миқёсидаги йирик мусобақаларни қабул қилиш имкониятини яратиш мақсадида стадион сиғими 51 252 томошабинга етказилган.

"Бишкек Арена"нинг умумий майдони 194 248 квадрат метр, баландлиги эса 70 метрни ташкил этади. Иншоотда 36 минг квадрат метрлик савдо маркази, 48 та дўкон, супермаркет, 23 та ресторан, 11 та кафе, 4 та кинозал, спорт зали ва болалар майдончаси жойлашган.

Алагозовнинг айтишича, стадион келажакда ўз харажатларини қоплаб, доимий даромад манбаига айланиши кутилмоқда. Ҳозирданоқ аренадан концертлар ва бошқа пулли тадбирлар учун фойдаланиш бўйича таклифлар тушаётгани айтилди.

Шу билан бирга, президент топшириғига асосан Ҳисоб палатаси ва бошқа давлат идоралари вакилларидан иборат махсус комиссия тузилган. Комиссия қурилиш харажатлари, материаллардан фойдаланиш ва иш ҳақи тўловларини ўрганиб чиқади. Текширув натижаларини жамоатчиликка эълон қилиш режалаштирилган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда ҳам "Янги Тошкент" стадиони қурилиши бошланган. Лойиҳа қиймати 100 миллион доллар бўлиб, арена FIFA стандартларига жавоб бериши ва замонавий футбол инфратузилмаларидан бирига айланиши кутилмоқда.

Киритилди: 15:57 10.09.2026. Ўқилди: 434 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!