Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Давлат экологик назорат инспекцияси Сирдарё сув ҳавзасини назорат қилиш бўлими ходими Мирзо Ботиров хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлди.
Маълумотларга кўра, Мирзо Ботиров 9 сентябрь куни тунги соат 23:00 да Сирдарё дарёси ўзанида ўтказилган тезкор рейд тадбири давомида электр қармоқ ёрдамида балиқ овлаётган ҳуқуқбузарларнинг қаршилигига учраган ва натижада сувга тушиб кетган. Тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда олиб борилган қидирув ишлари натижасида бугун, 10-сентябрь куни инспекторнинг жасади топилди.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Мирзо Ботировнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Айни дамда марҳумнинг оила аъзоларига зарур моддий ва маънавий кўмак кўрсатиш, шунингдек, воқеанинг барча тафсилотларини ўрганиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.
Шу билан бирга, Мирзо Ботиров умрини атроф-муҳитни муҳофаза қилишга бағишлади. Унинг табиатни муҳофаза қилиш ва экологик қонунчилик талабларини таъминлаш йўлидаги фидокорона хизматлари ҳамда кўрсатган жасорати муносиб баҳоланиб, у «Табиат ҳимоячиси» кўкрак нишони билан вафотидан сўнг тақдирланади.
Мирзо Ботировнинг хотираси қалбларимизда абадий сақланади.