Қирғизистон Жогорку Кенеши торағаси Нурланбек Шакиев расмий ташриф доирасида Тошкент шаҳридаги IT Парк Ўзбекистон мажмуасига ташриф буюрди. Бу ҳақда Рақамли технологиялар вазирлиги хабар берди.
Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳамроҳлигидаги делегация аъзолари Ўзбекистон IT соҳасидаги ислоҳотлар билан яқиндан танишишди.
Рақамли технологиялар вазири томонидан қилинган тақдимотда меҳмонларга мамлакатда IT соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди.
“Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорлик бугун сермаҳсул бўлаётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди”, — дейилади хабарда.
Ташриф буюрган меҳмонлар билан мулоқот давомида IT экспорт ҳажмини 5 млрд долларга етказиш ва Ўзбекистонни IT хабга айлантириш йўлида келгусидаги режалар ҳақида гапириб ўтилди.