Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида ноқонуний фаолият юритаётган учта реабилитация маркази фош қилинди ва улардан бирида икки бемор вафот этди.
Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) маълум қилди.
Гап "Идальго", "Решение" ва "Бишкек-Маяк" ташкилотлари ҳақида кетмоқда.
"Реабилитация марказларининг директорлари ва айрим ходимлари кўпинча ноанъанавий даволаш усулларига мурожаат қилишган: улар беморларни жисмоний куч билан бўйсундириш, электр токи уриш, уларни стулларга ёки каравотларга боғлаш ва изоляция хоналарига жойлаштиришган", деб хабар берди МХДҚ.
Бундан ташқари, марказларда беморларга буюрилган кучли психотроп дорилар топилган. Бишкек-Маяк марказидаги икки бемор вафот этган.
Ушбу ташкилотларнинг етти директори ва ходими ҳибсга олинган. Тергов олиб борилмоқда.