Ғазо бўйича музокараларга кетаётган Қатар дипломатлари 11 октябрь куни Шарм аш-Шейх шаҳрида (Миср) аварияга учради.
Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Қатар делегациясининг 3 аъзоси ҳалок бўлди.
Ҳодиса Ғазо секторидаги можарони ҳал этиш бўйича музокараларда қатнашган Қатар делегацияси аъзолари билан содир бўлди. Маълумотларга кўра, музокаралар ўтказилаётган Шарм аш-Шайх шаҳридан 50 км узоқликда рўй берган воқеа оқибатида қатарлик уч нафар дипломат — Абдулла бин Ғоним ал-Хайрин, Ҳасан ал-Жобир ва Сауд бин Тамир ас-Саний ҳалок бўлган, яна икки киши тан жароҳати олган.
Масравий ахборот порталига кўра, автоҳалокат Қатар Бош вазири ва ташқи ишлар вазири Муҳаммад бин Абдурахмон Ол Сони иштирокидаги кортеж таркибида содир бўлган. Улар Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги билвосита музокараларда воситачи сифатида қатнашган.
"Миср Араб Республикасининг Шарм аш-Шайх шаҳрида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Қатар Давлати Амири Девони ходимларидан уч нафари фожиали тарзда ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилдик.
Қатар Давлати Ҳукуматига ва халқига, шунингдек, ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ҳамда яқинларига чуқур ҳамдардлигимизни билдирамиз. Шунингдек, ушбу ҳодисада жароҳат олганларга тезроқ соғайиб кетишларини тилаймиз", дейилади вазирлик хабарида.