Қонун устуворлиги ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳар бир давлатнинг асосий устунидир.
Яқинда МИБ Қўқон бўлими яна бир муҳим ишни якунлаб, аҳоли ўртасида қонунга бўлган ишончни мустаҳкамлади.
Гап шундаки, Қўқон туманлараро судининг қарорига кўра, қарздор И.О.дан "И.Ҳ.Т." МЧЖ фойдасига 46 миллион 138 минг 675 сўм миқдорида қарз ундирилиши лозим эди. Ушбу қарздорликни қоплаш мақсадида И.О.га тегишли бўлган "Spark" русумли автомашина гаровга қўйилган эди. Аммо, қарз ундирувга қаратилган ҳаракатларга қарамай, автомашина изсиз йўқолган, бу эса ижро жараёнини мураккаблаштирган.
МИБ ходимларининг шиддатли қидирув ишлари натижасида, ушбу "Spark" автомашинаси кутилмаган вазиятда аниқланди: у нафақат топилди, балки фаолият кўрсатувчи такси сифатида йўловчи ташийди! Қарздор қарзга ботган автомашинани яшириш ўрнига, ундан фаол даромад олишда давом этаётган эди.
Тезкор чоралар кўрилган ҳолда, автомашина дарҳол хатланди ва тегишли тартибда расмийлаштирилди. Эндиликда ушбу автомашина қарзни қоплаш мақсадида қонуний тартибда сотилади.