Жорий йилнинг 27 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров бошчилигида Ялпи йиғилишга киритилаётган қонун лойиҳалари юзасидан фракция аъзолари билан биргаликда навбатдаги видеоконференция ўтказилди. Унда учта долзарб масала муҳокамага қўйилди.
Жумладан, “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилмоқда. Қонун лойиҳасида “прописка” сўзи ўрнига ҳозирги кунда барча давлатлар ушбу атамадан воз кечганлиги сабабли “доимий прописка” сўзлари “яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш” сўзларига алмаштирилиши, қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида фуқароларга нафақат биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошлари яшаб турган манзилга, балки уларнинг эгалигида бўлган уй-жой майдонига ҳам доимий рўйхатга туриш имконияти яратилиши, эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ва бир йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда пропискани йўқотиш бўйича қоидалар бекор қилиниши, давлат ҳокимияти органларида, давлат ва хўжалик бошқаруви органларида ҳамда бошқа давлат ташкилотларида узлуксиз беш йил ва ундан ортиқ бўлган давр мобайнида меҳнат фаолиятини олиб бораётган ходимлар (техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш ходимларидан ташқари) тегишли орган ёки ташкилот раҳбарининг маълумотномасига кўра, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига доимий рўйхатга туриш бўйича банд киритилиши каби янгиликлар назарда тутилмоқда.
Таклиф этилаётган Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида:
- Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг пойтахт минтақасида доимий рўйхатга олиш тартиб – таомиллари либераллаштирилади ҳамда фуқароларни эркин кўчиб юриш соҳасидаги ҳуқуқлари мустаҳкамланади;
- доимий рўйхатга олиш масалалари бўйича шикоят қилувчи шахсларнинг эътирозлари камаяди;
- эр-хотинга улар никоҳдан ўтган куннинг ўзида яшаш жойи бўйича доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқини беради ва оила мустаҳкамлигини таъминланишига замин яратади.
Шу билан бирга, йиғилишда муҳокама қилинган “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси билан фуқароларга қатор енгилликлар яратилмоқда.
Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи ва республиканинг бошқа минтақаларида доимий пропискага эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйларда кўчмас мулк олди-сотдиси шартномаларини расмийлаштириш учун давлат божининг алоҳида ставеаси бекор қилинмоқда.
Нотариал амалиётда, хусусан битимларни тасдиқлаганлик ва мерос ишларини расмийлаштирганлик учун давлат божини ундиришда ёки давлат божини тўлашдан озод қилишда айрим тушунмовчиликлар келиб чиқмоқда. Ушбу лойиҳа билан давлат божидан озод қилиш, давлат божини ундиришнинг ўзига хос хусусиятларига аниқлаштирувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун ундириладиган айрим тўловлар миқдорининг дифференциал тарзда ҳисоблаб чиқариш тартиби уларни ундиришда тафовутлар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Хусусан, нотариуслар томонидан давлат божи ундиришда ва бу борада имтиёз қўллашда фуқаролар учун шаффофлик таъминланмаяпти. Мазкур лойиҳа билан бир қатор нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун белгиланган давлат божи миқдорларининг ставкалари оптималлаштирилмоқда. Адвокатлик фаолияти ва хусусий нотариал фаолият лицензияланадиган фаолият турлари ҳисобланади. Шу боис, ушбу фаолият турлари билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия берганлик учун давлат божи ундирилиши бўйича Қонунга тегишли қўшимча киритилмоқда.
Ҳар иккала қонун лойиҳалари депутатлар томонидан концептуал жиҳатдан муҳимлиги учун биринчи ўқишда
маъқулланди. Мазкур қонунлар келажакда халқимиз манфаатини кўзлаши шубҳасиз.
Муборак АҲМЕДОВА,
Ўзбекистон Републикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати,
«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзоси.
