Тошкентда Ўзбекистон ва Қатарнинг 40 дан зиёд йирик компанияси вакиллари иштирокида давра суҳбати ўтказилди. Мамлакатимиз инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ва ушбу араб давлати Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари Шайх Муҳаммад Бин Аҳмад Ал-Куварий раҳбарлигида кечган мулоқотда икки мамлакат вазирлик, идоралари, тармоқ бирлашмалари раҳбарлари ҳам ҳозир бўлди.
Ўзбекистон томони савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик ривожланиши ижобий суръат намоён этгани, Қатарнинг йирик компаниялари юртимизда энергетика, йўл инфратузилмаси, логистика ва туризм соҳаларида инвестиция лойиҳаларини муваффақиятли амалга ошираётганига урғу берди.
Шу билан бирга иқтисодиётнинг устувор тармоқларида қўшма лойиҳалар сонини кўпайтириш учун ҳали фойдаланилмаган улкан салоҳият мавжудлиги таъкидланди. Гап қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, тўқимачилик, тоғ-металлургия, энергетика ва нефть-кимё, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, транспорт ва логистика соҳалари, шунингдек кенг кўламли хусусийлаштириш дастури ҳақида бормоқда. Айни жараёнда янги ташаббуслар илгари суриш зарурлиги ўзаро маъқулланди.
Қатар томони Ўзбекистоннинг инвесторлар учун қулай меҳнат шароити яратиш борасидаги саъй-ҳаракатини юқори баҳолаб, муҳокама қилинган барча лойиҳалар бўйича фаол ишлашга тайёрлигини билдирди.
Давра суҳбати якуни бўйича республикамизда “Qatar Dynasty Jet” компанияси ваколатхонасини очиш бўйича ҳужжат, Қатарнинг “Al Mai Trading”, “High Com Global Trading” ҳамда Ўзбекистоннинг “Millmax Trading” ва “Turan as” компаниялари ўртасида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини йўлга қўйиш бўйича шартномалар имзоланди.