Бугун 13 декабрь, 2024 йил, жума

O'ZB

Қашқадарё вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида сувараклар кезиб юргани айтилмоқда (ФОТО+ВИДЕО)

Қашқадарё вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида сувараклар кезиб юргани айтилмоқда (ФОТО+ВИДЕО)

Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази (ВБКТТМ)да даволанаётган болалар ва уларнинг ёнида ётган қаровчилари жойлаштирилган хоналарнинг айримларида кузатилаётган санитарияга зид ҳолат киши шуурида шундай савол айланишига сабаб бўлмоқда.

Видеолавҳадаги тасвирлар шифохона гастроэнтерология бўлими, люкс тоифасидаги палатадан олинган. Кўриниб турибди, биздан ортиқча изоҳга ҳожат йўқ. Фақат айтиш ўринлики, беморлар пуллик асосда жойлаштирилган хоналарда табиатан асосан тунда фаоллашадиган сувараклар ҳатто кундуз кунлари ҳам бемалол кезмоқда.

Даволанувчилар томони ва масъулларнинг ҳолат юзасидан айтадиган фикрлари билан қизиқдик.

- Шароити яхшироқ деган ўй билан люкс хонага жойлашгандик, - дейди шифохонада даволанаётган болалардан бирининг ўзини таништиришга ийманган онаси. - Ўрин учун бир кунга 100 минг сўмдан тўлов қилганмиз. Кечқурун сувараклар шунчалар изғийдики, ухламай болаларимизни қўриқлаб чиқамиз.

Қашқадарёдаги болалар шифохонасининг люкс хонасида сувараклар кезиб юриши маълум бўлди (ФОТО+ВИДЕО)

Бўлим бошлиғи Ҳамида Фахриддинованинг муносабати эса масалани оддий ўзидан қочириш усулида ва қисқа бўлди.

- Мазкур ҳолат бўйича маъмурият, СЭО ва ЖСХ шуғулланади, - дейди у. - Бу юзасидан уларга билдирги киритганман.

Тамом, билдирги киритилган. Энди кўринишидан масала учун масъулият ундан соқит бўлган. Шундай тушундик.

Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошқармасининг эса билдиргидан ҳам, болалар шифохонаси айрим палаталарини сувараклар ишғол қилганидан ҳам хабари йўқ.

Айтишларича, бу ҳақда уларга ҳеч ким маълумот бермаган ва марказ шаҳар ҳудудида жойлашгани учун масалага кўпроқ СЭО ва ЖСХ Қарши шаҳар бўлими масъул.

- Ҳақиқатдан ҳам вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази шаҳар ҳудудига кирганлиги учун биз назорат қилишимиз керак эди, - дейди СЭО ва ЖСХ Қарши шаҳар бўлими масъул ходими Фарруҳ Юсупов. - Ўтган ҳафтада вилоятдан буйруқ чиқартириб, текширишга бормоқчи эдик. Лекин буйруқ вилоятнинг ўзига чиққан. Демак уларнинг ўзлари бориб текширишга ҳақли.

Мана, ҳаммаси аён. “Ҳозироқ ҳолатни бартараф этиш чорасини кўрамиз”, дейдиган мард йўқ. Демак, ВБКТТМ палаталари ҳали орада сувараклар кўпайиши ва эркин кезиши учун мақбул жойлардан бири бўлиб қолаверади, чамамда...

Киритилди: 15:03 15.08.2023. Ўқилди: 6796 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!