Бугун 2 май, 2025 йил, жума

O'ZB

Қашқадарёда яна бир қишлоқ туризм қишлоғига айлантирилмоқда

Қашқадарёда яна бир қишлоқ туризм қишлоғига айлантирилмоқда

Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидаги “Башир” қишлоғи туризм қишлоғига айлантирилмоқда. “Ҳазрати Башир” зиёратгоҳи айнан шу қишлоқда жойлашган. Зиёратгоҳ номи шу жойда яшаб ўтган авлиё Ҳазрати Султон Саид Аҳмад Башир (1368-1464) номи билан боғлиқ.

Қайд этиш лозимки, 2022 йилга “Ҳазрати Башир” зиёратгоҳига 400 000 нафардан ортиқ маҳаллий ва хорижий турист ташриф буюрган. Ушбу маскан нафақат бетакрор табиати, балки ўзига хос тарихи билан ҳам эътибор жалб қилиб келади.

Турли манбаларга кўра, Ҳазрати Султон Саид Аҳмад Баширнинг оталари Хўжа Ҳасан - 90 ёшда, оналари Биби Малоҳат 80 ёшда бўлишларига қарамай, уларнинг фарзанди бўлмаган. Кунларнинг бирида шу тарафга йўли тушган Амир Темурнинг пири Саид Бараканинг укаси Саид Неъматуллоҳ уларнинг ҳақига дуо қилади. Кўп ўтмай дуо ижобат бўлиб, Ҳазрати Башир дунёга келади. Бироқ кексайиб қолган онадан сут келмайди. Чақалоқни атрофдагилар «Бешир» (сутсиз) деб атай бошлашади. Аллоҳнинг мўъжизаси билан уларнинг ҳовлисидаги катта чинор остида чашма пайдо бўлиб, ундан бола эмизикли ёшдан ўтгунча сут оқади. Бу чашма ҳанузгача саратонда ҳам муздек, тип-тиниқ суви ва шифобахшлиги билан машҳур. Таъкидлаш керакки, зиёратгоҳга келаётган аксарият туристлар, албатта, бу сувдан ичиб, ўзлари билан ҳам олиб кетишади.

Ҳазрати Башир қишлоқдаги Ниёзтепада дафн этилган. Эл орасида "Ҳазрати Башир қабри олдидаги арча дарахти у кишининг ҳассаси бўлган", деган ривоят юради. Айтишларича, Ҳазрати Башир ота ҳассасини улоқтириб, “Қаерга бориб тушса, ўша жой менинг қабрим бўлади”, деган эканлар. Ҳасса йўғон томони билан ерга қадалиб қолади. Шунинг учун бошқа дарахтлардан фарқли равишда унинг паст томони ингичка, юқори томони йўғондир. Бу тилсимот ҳам, албатта, туристларни бефарқ қолдирмайди.

“Ҳазрати Башир” қишлоғи Қашқадарё дарёси бўйида жойлашган. Баланд-баланд чинорлар қишлоққа кўрк бериб туради. Ҳудуд тоғ билан ҳам туташиб кетган. Шунинг учун бу ерда ёз ойлари юртимизнинг турли вилоятлари ва хорижий мамлакатлардан саёҳатчилар келишади. Улар Ҳазрати Башир отани зиёрат қилиш билан бирга дарё бўйида дам олишади. Қишлоқда зиёрат туризми, экотуризм ва агротуризм ривожланган.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилда қишлоққа ташриф буюрадиган сайёҳлар сонини 700 мингга етказиш ва қишлоқни туризм қишлоғига айлантириш учун қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳозирда қишлоқда 20 дан зиёд оилавий меҳмон уйи фаолият юритмоқда. Бу хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун ҳудудда кўпроқ қолиш ҳамда маҳаллий халқ турмуш арзи билан яқиндан танишиш имконини беради. Сўлим табиат, мусаффо тоғ ҳавоси, шифобахш чашма, меҳмондўст қишлоқ одамлари, экологик тоза мевалар, хушхўр таомлар ва қалбларга сокинлик бағишловчи зиёратгоҳ сайёҳларни ўзига жалб қилиши шубҳасиз.

Маълумот учун, Қашқадарёдаги "Варганза" қишлоғи вилоятдаги биринчи агротуризм қишлоғи ҳисобланади. Бу ерда 2019 йилда биринчи марта "Aнор" халқаро агротуризм фестивали бўлиб ўтган ва қишлоққа агротуризм қишлоғи мақоми берилган.

Киритилди: 18:21 13.01.2023. Ўқилди: 3356 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!