Бугун 28 март, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Қашқадарёда ўқитувчиларга юз миллионлаб мукофот пуллари ноқонуний тўлангани аниқланди

Қашқадарёда ўқитувчиларга юз миллионлаб мукофот пуллари ноқонуний тўлангани аниқланди

Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан олиб борилаётган назорат тадбирлари натижаларида Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумтаълим мактабларида бюджет маблағларининг сарфланишида тизимли равишда бюджет қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилаётганлиги аниқланмоқда. Бу ҳақда Молия вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидаги айрим умумтаълим мактабларида 2018 йилда ва 2019 йилнинг ўтган даврида умуман ишламаган фуқаролар номига иш ҳақи ҳисоблаш ва иш ҳақи тўлов қайдномаларининг жамига қўшиб ёзиб ўзлаштириш йўли билан жами 633,8 миллион сўм миқдоридаги бюджет маблағлари ноқонуний харажатга чиқарилишига йўл қўйилган.

Бунда Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги қарори билан тасдиқланган «Умумтаълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармаси тўғрисида низом» ва «Умумтаълим муассасалари ҳузуридаги махсус комиссиялар тўғрисидаги низом» талабларига риоя қилинмаган.

Жумладан, 2018 йилда ва 2019 йилнинг январь февраль ойларида Деҳқонобод туман халқ таълими бўлими ҳисобчиси томонидан тумандаги 8-сонли (24,7 миллион сўм), 9-сонли (15,1 миллион сўм), 30-сонли (42,7 миллион сўм), 39-сонли (27,8 миллион сўм) ва 88-сонли (29,3 миллион сўм) умумтаълим мактабларда умуман ишламаган 7 нафар қариндошлари номига иш ҳақи ҳисобланиб, жами 139,6 миллиом сўм бюджет маблағлари ноқонуний харажатга чиқарилган.

Шунингдек, тумандаги 8-сонли (5,8 миллион сўм), 9-сонли (12,2 миллион сўм) ва 30-сонли (2,8 миллион сўм) умумтаълим мактабларда бюджет маблағлари иш ҳақи тўлов қайдномаларининг жамига қўшиб ёзиш йўли билан ўзлаштирилиб, жами 20,8 миллион сўм камомадга йўл қўйилган.

Бундан ташқари, тумандаги 52-сонли (195,1 миллион сўм), 82-сонли (143 миллион сўм) ва 84-сонли (135,3 миллион сўм) умумтаълим мактабларда бюджет маблағлари ҳисобидан мактаб махсус комиссиясининг қарорисиз ва мактаб директорининг буйруғисиз ва бошқа асословчи ҳужжатларсиз жами 473,4 миллион сўм миқдоридаги рағбатлантириш, мукофот ва моддий ёрдам пуллари ошиқча тўланишига йўл қўйилган.

Деҳқонобод туманидаги ушбу мактабларда ўтказилган назорат тадбирлари ҳужжатлари ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органларига юборилган.

Киритилди: 20:00 11.09.2019. Ўқилди: 1409 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!