Овқатланиш рационини тузишга жиддий эътибор бериш орқали қарилик ва у билан боғлиқ нохуш оқибатларни, масалан, ажин тушишини анча кечиктириш мумкин. Бунда нафақат маҳсулотлар танлови, балки уларни қандай танаввул қилишни ҳам билиш муҳим.
Қуйида қаришни секинлаштириш учун овқатланишнинг асосий қоидаларини келтириб ўтамиз.
Табиий ва “ҳақиқий” маҳсулотларни танланг. Аввало, ишлаб чиқариш жараёнида витамин ва озуқа моддаларининг кўп қисми олиб ташланган, аммо токсинлар ва яширин шакар билан тўлдирилган қайта ишланган маҳсулотлардан сақланинг. Ярим тайёр маҳсулотлар ўрнига қорамол, балиқ, парранда гўшти, сабзавот, мева ва ёнғоқларни сотиб олинг.
Таомни камроқ, аммо секин танаввул қилинг. Калорияларни чеклаш ҳаётни узайтириши илмий жиҳатдан исботланган. Секин овқатланиш озуқа моддаларининг яхшироқ сўрилишига ва яхши ҳазм бўлишига ёрдам беради, шунингдек, иммунитетни ҳимоя қилиш учун жуда муҳим бўлган ичак флораси мувозанатини ҳам таъминлайди.
Мева-сабзавотлар соғлом овқатланишнинг асосидир. Улар танамизга қаришнинг баъзи таъсирига қарши курашадиган пребиотик ва антиоксидантларни етказиб беради. Гарчи кўпчилик мева-сабзавотларнинг афзалликлари ҳақида яхши билса-да, одатда дастурхонимизда бундай неъматлар етарли бўлмайди. Уларнинг ўрнига кўпроқ столимизда гўшт ёки қайта ишланган маҳсулотлар туради.
Рационингизда кўкат ва зираворлар ҳам бўлсин. Хушбўй зираворлар антиоксидант, овқат ҳазм қилиш, дезинфекциялаш, гликация ҳамда яллиғланишга қарши курашиш ва бошқа фойдали хусусиятларга эга. Айниқса зарчава (куркума), долчин, райҳон, занжабил, саримсоқ, бибария (розмарин), кашнич, кардамон, зира ва хантал фойдали. Улар нафақат таомномангизни хилма-хил қилади, балки ёшликни сақлашга ёрдам беради.
Қорамол, балиқ ва парранда гўштини камроқ, лекин сифатлисини танаввул қилинг. Мустаҳкам саломатлик ва тетиклик учун ҳар килограмм вазнга атиги 0,8-1 грамм ҳайвон оқсили керак. Умуман олганда, бу кунига бир марта қорамол, балиқ ёки парранда гўшти ейиш дегани. Асосийси — таркибида гормонлар ва антибиотиклар бўлмаган сифатли маҳсулотларни топа олиш. Қаришга қарши парҳезнинг асосий улушини ўсимлик маҳсулотлари (сабзавотлар, донлар, ёнғоқлар) ташкил қилиши муҳим, уларда ҳам оқсил мавжуд.
Ёш кўриниш ва ўзингизни анча бақувват ҳис қилиш учун нафақат таомномангизни мувозанатлашингиз, балки уйқу режимини тартибга келтиришингиз, шунингдек, мунтазам жисмоний фаолликни ҳам одат қилишингиз зарур. Акс ҳолда, ҳеч қандай “яшартирувчи олма” иш бермайди.