Боку шаҳрида II Ўзбекистон–Озарбайжон медиа форуми қизғин руҳда ўтмоқда. Унда мамлакатимиз вазирлик ва идоралари матбуот котиблари, ахборот соҳасида фаолият юритаётган давлат ва нодавлат ташкилотлар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда. Форум доирасида иштирокчилар қатор нуфузли ташкилотларга ташриф буюриб, ўзаро тажриба алмашмоқда.
Тадбир иштирокчилари Озарбайжоннинг энг нуфузли олийгоҳларидан бири — ADA университети фаолияти билан яқиндан танишдилар. Бу ерда университетнинг малакали профессорлари томонидан “Замонавий медиа коммуникациялари ва уларнинг матбуот котиблари фаолиятидаги ўрни” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.
Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси Озарбайжон Медиани ривожлантириш агентлигида учрашув ўтказди. Агентлик раҳбарияти икки мамлакат медиа соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларига, хусусан рақамли маконда ўзаро алоқаларни кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Учрашувда томонлар вазирлик ва идоралар матбуот хизматлари ҳамда медиа ўртасида изчил ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятларини атрофлича муҳокама қилдилар.