8 январь куни тушдан сўнг Қамчиқ довонидаги захира йўл тақиқланган қисмига саёҳат қилган гуруҳ билан фожиа юз берди.
Гуруҳда 8 киши бўлган, улардан бири 31 ёшли фуқаро йўлнинг четроқ қисмида селфи қилаётган вақтда йиқилиб тушган. Ёрдам бермоқчи бўлган яна бир шериги унинг олдига тушгач, уларнинг устига бир неча метрлик қор уюми тушиб кетган. Натижада фуқаролар вафот этган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳолатни Kun.uz'га тасдиқлади.
Маълум бўлишича, ҳолат Тошкент-Андижон-Ўш автомобиль йўлининг 141-километрида содир бўлган. Ушбу ҳудуд захира йўл бўлиб, фақат махсус техникалар учун ҳаракатланиш мумкин бўлган. ФВВ қутқарувчилари шерикларининг чақирувидан сўнг дарҳол етиб борган. Ҳозирда жасадлар олиб чиқилган.