Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Қачонгача одамларга қийинчилик туғдирамиз?

Қачонгача одамларга қийинчилик туғдирамиз?

Уч-тўрт кун илгари Тошкентда тўхташ ва тўхтаб туриш қоидасини бузганларни замонавий йўл билан жазолаш бошлангани, энди ЙПХ ходими ҳайдовчининг иштирокисиз махсус планшет орқали таъқиқланган жойда турган машинани суратга олиб, белгиланган жаримани электрон тарзда манзилга жўнатиши маълум қилинган эди.

Албатта, бу янгилик илиқ кутиб олинмади. Чунки бу масала анчадан буён муҳокама қилинаётган эди. Яъни, пойтахтимизда тўхташ ва тўхтаб туришни таъқиқловчи белгилар шунчалик кўп-ки, уни бузмасликнинг иложи йўқ. Тегишли идорага бу белгиларни ўрнатишни қайтадан кўриб чиқиш таклифи ҳам берилган эди. Аммо “қўл учида” нималардир қилинди, аммо ҳайдовчилар буни ҳис қилмади.

Тўғри, тартиб-қоидани бузган ҳар қандай шахс жавобгарликка тортилиши лозим. Аммо бунинг учун тарозининг палласи тенг ушланиши, яъни фуқароларга қонунни бузмаслик учун шароит яратилиши керак аслида.

Ҳисоб-китобларга қараганда, қоидабузарликлар орасида энг кўп қайд этилаётгани ҳам айнан тўхташ ва тўхтаб туриш билан боғлиқ экан. Демак, бу борадаги тартибни қайтадан кўриб чиқиш лозим. Ҳеч ким атайлабдан бу қоидани бузмайди.

Таклифларим:
1.Катта кўчаларда “стоянка” қуришнинг иложи йўқ экан, кўча бўйларида ҳаракатга ҳалақит бермайдиган даражада арзон нархда вақтинчалик тўхташ жойларини ташкил қилиш керак. У ерга бу ҳақда махсус белгилар ўрнатиш лозим.  
 
2. Вақтинчалик “стоянка”га оғир меҳнатга ярамайдиган ёки бирон нуқсони бор шахсларни ишга олиб, уларни махсус кийим-бош билан таъминлаш керак. Бу билан юзлаб шахсларни иш билан таъминлаган бўламиз (айрим идоралар, ресторан ва кафелар олдида анчадан буён шундай ноқонуний хизматлар фолият кўрсатади).

3.Айрим “стоянка”лар доимо бўш бўлади. Чунки хизмат ҳаққи жуда юқори. Одамлар эса таваккал қилиб, машинасини таъқиқловчи бегилар остига қўйиб кетаверади. Шу боис, “стоянка”лар нархини қайтадан кўриб чиқиш лозим. “Отнинг калласи”дек нарх белгилаб бир кунда 100 минг ишлаган маъқулми ёки арзонроқ қилиб 500 минг.

4. “Стоянка”лар нархини маҳаллий ҳокимликлар томонидан белгилашни бекор қилиш керак. Бозор иқтисоди дея ҳамма нарсанинг нархини эркинлаштиряпмиз.

Хуллас, ҳар қандай масалада бир оз бош қотириб, одамларга енгиллик бўладиган йўлини топсак бўлади. Лекин биз аксини қилишни ўрганганмиз.   

Жаҳонгир ЗИЯЕВ, ЎзМТДП депутати

Киритилди: 14:30 23.05.2020. Ўқилди: 3830 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!