Ушбу сценарий Россия Мудофаа вазирлигининг махфий ҳужжатида тасвирланган. Бу ҳақда бир қанча украиналик оммавий ахборот воситалари Украина разведкасига таяниб хабар берди.
Украинанинг «Интерфакс» ахборот агентлиги хабарига кўра, Путин Украинани бўлиш ғоясини АҚШнинг бўлажак президенти Доналд Трампга тақдим қилмоқчи. Кремль гўёки ўт очишни тўхтатишни муҳокама қилишга тайёр, дея хабар бермоқда Reuters Россия ҳукуматининг амалдаги ва собиқ вакилларига таяниб. Путиннинг шарти шундаки, Россия Украинанинг муҳим ҳудудларини сақлаб қолиши, Украинанинг ўзи эса НАТОга кириш режаларидан воз кечиши керак.
Махфий ҳужжатдан маълум бўлишича, Кремль Украинани уч қисмга бўлиш ниятида. Мамлакатнинг бутун шарқи (Донецк, Луганск, Запороже ва Херсон вилоятлари), шунингдек, Қрим Россияга ўтиши керак. Мамлакатнинг иккинчи катта қисмини (шу жумладан Киев, Суми ва Одесса вилоятлари) «Россияпараст давлат тузилмаси»га айлантириш режалаштирилган. Бу зонадаги куч тузилмалари россияпараст кадрлар билан таъминланади ва назорат қилиш учун унинг ҳудудига рус қўшинлари жойлаштирилади. Демак, Украина Москвадан бошқариладиган қўғирчоқ давлатга айланади.
Ғарбий Украинадаги қолган қисми ҳужжатда «баҳсли ҳудудлар» деб аталади. Улар билан нима қилиш масаласи Россия ва қўшни давлатлар – Венгрия, Полша ва Руминия ўртасидаги музокаралар давомида ҳал қилиниши кутилмоқда.
Махфий ҳужжатда яқин йиллардаги жаҳон воқеалари ривожланишининг тўртта стсенарийси ҳам кўриб чиқилади. Биринчи иккита таъриф «Кўп қутбли дунёнинг шаклланиши ва таъсир доираларининг этакчи иштирокчилар томонидан бўлиниши» (йирик кучлар таъсир доираларини ўзаро тақсимлайди) ва «Минтақавийлаштириш/хаотизация» (халқаро тартиб заифлашган) деб номланади. Иккала стсенарийда ҳам Россия Украинани мағлуб этади ва дунёдаги вазият Москва учун «мақбул».
Агар уруш музлатилса ёки Россия уни йўқотса, яна иккита стсенарий бўлиши мумкин: «АҚШ ва Ғарбнинг ҳукмронлиги» ва «Хитой дунёнинг этакчи давлати мақомини олиши». Иккала вариант ҳам ноқулай деб ҳисобланади.