Бугун 16 январь, 2026 йил, жума

O'ZB

Путин Зеленскийга қараганда тинчлик келишувини кўпроқ истайди(ми)?

Путин Зеленскийга қараганда тинчлик келишувини кўпроқ истайди(ми)?

Трампнинг фикрича, Путин Зеленскийга қараганда тинчлик келишувини кўпроқ истайди.

АҚШ президенти яна Украинадаги уруш давом этаётгани учун жавобгарликни Украина президенти Владимир Зеленский зиммасига юклади. Reuters мухбири ундан нега АҚШ воситачилигида олиб борилаётган музокаралар ҳалигача ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга олиб келмагани ҳақида сўради. Доналд Трампнинг жавоби қисқа бўлди: «Зеленский». Унинг баҳосига кўра, Владимир Путин Украина раҳбариятига нисбатан келишув тузиш ва жангларни тўхтатишга кўпроқ тайёр.

Бу баёнот Европада очиқ норозиликка сабаб бўлди. Польша бош вазири Доналд Туск X ижтимоий тармоғида Трампга очиқдан-очиқ эътироз билдирди: унинг айтишича, тинчлик режасини Зеленский эмас, айнан Россия рад этган. «Россиянинг ягона жавоби Украина шаҳарларига янги ракета зарбалари бўлди», — деб ёзди Туск. Польша сиёсатчисининг фикрича, муаммонинг ягона ечими — Россияга босимни кучайтириш. «Буни сизлар яхши биласизлар», — дея қўшимча қилди у.

Зеленскийнинг ўзи ҳам 15 январь куниги кечки видеомурожаатида бунга жавоб қайтарди:
«Украина тинчликка тўсқинлик қилмаган ва ҳеч қачон қилмайди».

Шу билан бирга, Москва кейинги музокараларга тайёр эканини билдирмоқда. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков ТАСС агентлигига АҚШ музокарачилари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнернинг яқин орада ташриф буюришидан умид қилаётганини айтди:
«Америкалик музокарачилар билан алоқа қилиш каналлари ишлашда давом этмоқда. Бу мулоқот кетяпти. Саналар келишиб олингач, бундай ташриф бўлишига умид қиламиз».

Декабрь ойида АҚШ вакиллари Путин билан урушни якунлаш эҳтимоли ҳақида аллақачон музокаралар ўтказган эди. Шундан сўнг америкаликлар Украина ва Европа давлатлари билан ҳам учрашувлар ўтказди. Энди эса Москва яна музокаралар столига қайтиш истагини билдирмоқда.

Киритилди: Бугун 17:27. Ўқилди: 414 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!