Россия ва АҚШ президентлари Владимир Путин ва Дональд Трамп телефон орқали мулоқот қилишди.
Бу ҳақда Россия етакчисининг ёрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, суҳбат тахминан 40 дақиқа давом этган. "Путин ва Трамп ўртасидаги суҳбат очиқ ва жуда конструктив бўлди", — деди Ушаков.
Унинг қайд этишича, томонлар Москва ва Киев ўртасидаги тўғридан-тўғри музокараларни давом эттириш тарафдори бўлган ва вакиллар даражасини ошириш имкониятларини муҳокама қилган.
"Владимир Путин ва Дональд Трамп Россия ва Украина делегациялари ўртасида тўғридан-тўғри музокараларни давом эттириш тарафдори бўлишди. Шу муносабат билан, хусусан, Украина ва Россия томонлари вакиллари, яъни юқорида қайд этилган тўғридан-тўғри музокараларда иштирок этувчи вакиллар даражасини ошириш имкониятларини ўрганиш зарурлиги ҳақидаги фикр муҳокама қилинди", — деди Ушаков.