Путин агар Евроиттифоқ Россиянинг музлатилган активларини мусодара қилса, мамлакатдаги хорижий активларини миллийлаштиришга кўрсатма берди — Bloomberg.
Агентликнинг хабар беришича, Россия президенти Владимир Путин 30 сентябр куни активларини тезлаштирилган тартибда махсус йўл билан сотишга рухсат берувчи фармонни имзолаган. Ҳужжатда бу чоралар хорижий давлатларнинг, жумладан, санкциялар кўринишидаги ҳаракатларига жавоб бўлиши қайд этилган.
"Бу фармон Россия ва хорижий компанияларни сотиш жараёнини жадаллаштиришга қаратилган. Агар Европа Иттифоқи Россия активларини мусодара қилишни бошлаб юборса, Москва ҳам шунга ўхшаш чоралар билан жавоб қайтариши мумкин", — дея таъкидлади Bloomberg манбаси.
2022 йилда Россия Украинага кенг кўламли босқинни бошлаганидан кейин Ғарбнинг кўпчилик компаниялари мамлакатни тарк этди. Бироқ Uni Credit, Raiffesisen Bank International, PepsiCo ва Mondeles каби компаниялари ҳалигача Россияда фаолиятини давом эттирмоқда.
Сентябр охирида Европа Иттифоқи раҳбарлари Россиянинг музлатилган активларини гаровга қўйган ҳолда Украинага 140 миллиард евро кредит бериш режасини маъқуллади. Кремл бу режани қоралади ва уни "ўғрилик" деб атади.