Россия президенти Владимир Путин АҚШ билан тўлақонли муносабатларни тиклаш мамлакат миллий манфаатларига мос келишини айтди.
Бу ҳақда Путин "Валдай" халқаро мунозара клуби йиғилишида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, АҚШнинг ҳозирги Дональд Трамп маъмурияти қилаётганидек, ўз устуворликлари асосида ҳаракат қилиш оқилона бўлади. Россия раҳбари АҚШнинг амалдаги ҳукуматининг тўғрилигига қойил қолишини таъкидлади.
"Агар ҳар бир киши ушбу йўриқномага амал қилиб, ўз эътиборини ўзига қаратиб, вақтни кераксиз амбицияларга сарфламаса, бошқалар билан тил топишиш осонроқ бўлади. Россиянинг АҚШ билан ўзаро ҳамкорлик бўйича ҳозирги тажрибаси бунга мисолдир", — деди Путин.
Шунингдек, у Россия ва АҚШ ўртасида кўплаб келишмовчиликлар мавжудлигини, уларнинг кўп масалалар бўйича қарашлари бир-биридан фарқ қилишини, бу эса йирик давлатлар учун мутлақо табиий эканлигини таъкидлади.