Англиялик ҳакам Майкл Оливер Чемпионлар Лигаси умумий босқичининг 3-туридан ўрин олган "ПСЖ" ва "Барселона" жамоалари ўртасидаги баҳсни бошқариб боради.
Бу ҳақда УЕФА расмий сайтида маълум қилинди. Учрашув 20 октябрь кунига режалаштирилган.
Унга қанотларда ҳамюртлари Стюарт Бёрт ва Джеймс Мейнваринг ёрдам беришади. Тўртинчи ҳакам вазифаси Роберт Джонсга топширилди. VAR тизими учун италиялик Марко Ди Белло масъул бўлади, унга яна бир италиялик ҳакам Даниэле Киффи ассистентлик қилади.
Жамоалар ўртасидаги охирги бешта учрашувда "ПСЖ" учта ғалабани қўлга киритган, "Барселона" ҳисобида битта зафар бор. Яна бир ўйинда жамоалар дуранг қайд этишган.
Франция чемпионатининг 7-турида "ПСЖ" "Страсбург" устидан иродали ғалабани қўлга киритган эди (3:1). "Барселона" эса Испания чемпионатининг 9-турида "Бетис"ни йирик ҳисобда мағлуб этди (5:2).