Амалдаги қонунчилик талабларига кўра психотроп моддаларнинг божхона чегаралари орқали олиб ўтилиши тақиқланади. Фақат ўз истеъмоли учун шифокор рецепти асосида олиб кириладиган чекланган меъёрлар бундан мустасно.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Довуд-ота” чегара божхона пости ходимлари томонидан 2та ҳолатда психотроп моддаларнинг мамлакатимиз ҳудудига олиб кирилишининг олди олинди.
Россия Федерациясидан келаётган “Лада Ларгус” русумли автотранспорт воситасининг салони божхона назоратидан ўтказилганида, божхона ходимининг оғзаки сўровида айтилмаган ва йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган, салоннинг ички тепа қисмига яшириб қўйилган 6 қутида жами 300 дона “Баклосан” номли психотроп дори воситалари ҳамда сифатини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатларга эга бўлмаган 1 дона кальян, 5 дона “JANAYA” ёзувли кальян учун ҳид берувчи восита, 172 дона пластмассадан тайёрланган кальян чекиш учун бир марта ишлатиладиган мослама қисмлари ва 5 қутида жами 3 кг. кальян кўмири борлиги аниқланди.
Психотроп моддаларнинг мамлакатимиз ҳудудига ноқонуний киришининг олди олинган навбатдаги ҳолат ҳам “Довуд-ота” чегара божхона постида аниқланди. Мамлакатимизга кириб келган “Cobalt” русумли автотранспорт воситаси божхона назоратидан ўтказилганида, божхона ходимининг оғзаки сўровида айтилмаган ва йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган, қиймати 500 000 сўмлик, 1 қутида жами 50 дона “Баклосан 10 мг” номли психотроп дори воситаси борлиги аниқланди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.