Сайлов Кодексига асосан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинади.
Номзод этиб рўйхатга олинган шахсга рўйхатга олинганлик гувоҳномаси берилади.
Бу борада Марказий сайлов комиссиясининг “Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг гувоҳномаси намунаси ва тавсифини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамиятга эга. Чунки, ушбу ҳужжат – энг юқори давлат лавозимига номзод сифатида рўйхатга олинганлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг гувоҳномаси 125 х 90 миллиметр ўлчамдаги тўқ яшил рангли қаттиқ чарм муқовали китобча кўринишига эга бўлади. Номзод гувоҳномасининг олд томони чап қисмининг юқорисида Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг зар рангли тасвири акс этган бўлиб, пастда эса ўртароқда “GUVOHNOMA” деган матн жойлаштирилади.
Номзод гувоҳномаси ички сўл томонининг юқори қисмига Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири, пастроқда эса — икки сатрда “O’zbekiston Respublikasi Markaziy saylov komissiyasi” сўзлари жойлаштирилади.
Гувоҳнома ички cўл томонининг ўрта қисми ўнгроғида Номзоднинг 45х35 миллиметр ўлчамдаги рангли фотосурати, чапроғида эса “O’zbekiston Respublikasi Prezidentligiga nomzod” сўзлари жойлаштирилади. Фотосурат чап томонининг пастки бурчагига Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг гербли муҳри босилади.
Гувоҳнома ички ўнг томонининг юқори қисмида икки сатрда “O’zbekiston Respublikasi Prezidenti saylovi” сўзлари, пастроқда бир сатрда сайлов санаси, ундан пастроқда “GUVOHNOMA” сўзи жойлаштирилади, гувоҳноманинг тартиб рақами қўйилади. Ушбу матндан пастроқда алоҳида сатрда Номзоднинг фамилияси, исми ва отасининг исми, ундан пастроқда эса Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинганлиги ҳақида маълумот жойлаштирилади.
Гувоҳнома ички ўнг томонининг пастки қисмида “O`zbekiston Respublikasi Markaziy saylov komissiyasi Raisi” деган матн жойлаштирилади. Марказий сайлов комиссияси Раисининг имзоси, исмининг бош ҳарфи ва фамилияси қўйилади.
Гувоҳноманинг ички томонлари махсус қоғоздан тайёрланган ва шаффоф плёнка билан қопланган бўлади. Заруратга қараб гувоҳномага голографик белги қўйилиши ва уни тўлдиришда турли ранглар ва безаклардан фойдаланилиши мумкин.