Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги томонидан маҳаллалар, кўчаларимизни тоза-озода ва обод сақловчи республика бўйича жами 100 нафар “Табиат уйғунлиги ҳимоячилари”га фарзандларининг умумий қиймати 916 млн 718 минг сўм миқдоридаги контракт тўловлари қоплаб берилди.
Шу муносабат билан, 30 декабрь куни қўмита раиси маслаҳатчиси ҳамда агентлик директори Шарифбек Ҳасанов иштирокида Тошкент шаҳридаги танлов ғолиблари хонадонларида бўлиб, махсус сертификатлар топширилди.
Хабарингиз бор, аввалроқ ҳудудлардаги санитар тозалаш корхоналари ҳамда ободонлаштириш бошқармаларининг тозалик посбонларини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида “Табиат уйғунлиги ҳимоячиси” танлови ўтказилиши ҳақида эълон берган эдик. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024-йил 16-августдаги “Табиат уйғунлиги ҳимоячиси” танловини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 514-сонли қарорида белгилаб қўйилган.
“Табиат уйғунлиги ҳимоячиси” танловида санитар тозалаш корхоналарининг чиқиндиларни юклаш, ташиш, жойлаштириш ва саралаш ҳамда ободонлаштириш бошқармаларининг тозалаш ишлари билан шуғулланувчи кўп йиллар давомида садоқатли меҳнат қилган ходимлари қатнашишди.
Танловда қатнашиш учун Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигига info@sanitation.uz электрон почта манзили ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси агентлиги ҳамда Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги бошқармалари орқали жами 182 ариза келиб тушди. Шундан сўнг, аризалар Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси (Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири)нинг тегишли буйруғи билан тузилган комиссия иштирокида низом талаблари асосида шаффоф ва адолатли кўриб чиқилиб, баҳоланди ва 100 нафар муносиблари саралаб олинди. “Янги йил” байрами арафасида ғолибларнинг давлат олий таълим муассасаларида ўқиётган фарзандларига агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан контракт тўловлари тўлаб берилди.
Булар:
Қорақалпоғистон Республикасидан 19 нафар ходимга жами 157 493 млн сўм миқдорида;
Андижон вилоятидан 6 нафар ходимга жами 61 951 млн сўм миқдорида;
Бухоро вилоятидан 7 нафар ходимга жами 65 809 млн сўм миқдорида;
Жиззах вилоятидан 8 нафар ходимга жами 77 603 млн сўм миқдорида;
Қашқадарё вилоятидан 8 нафар ходимга жами 73 828,5 млн сўм миқдорида;
Навоий вилоятидан 9 нафар ходимга жами 81 912,5 млн сўм миқдорида;
Наманган вилоятидан 5 нафар ходимга жами 44 750 млн сўм миқдорида;
Самарқанд вилоятидан 2 нафар ходимга жами 20 983 млн сўм миқдорида;
Сирдарё вилоятидан 1 нафар ходимга жами 8 623 млн сўм миқдорида;
Сурхондарё вилоятидан 3 нафар ходимга жами 23 910 млн сўм миқдорида;
Тошкент вилоятидан 5 нафар ходимга жами 39 946 млн сўм миқдорида;
Фарғона вилоятидан 3 нафар ходимга жами 24 173 млн сўм миқдорида;
Хоразм вилоятидан 2 нафар ходимга жами 20 888,4 млн сўм миқдорида;
Тошкент шаҳридан 22 нафар ходимга жами 215 347,4 млн сўм миқдорида.
Бу каби танловлардан кўзланган мақсад аввало инсон қадрини янада улуғлашдир. Шу билан бирга, узоқ йиллар давомида тозалик ва ободончилик йўлида фидокорона хизмат қилиб келаётган соҳа ходимларини эъзозлаш, уларнинг оила аъзолари учун қулай имкониятлар яратиш баробарида фарзандларининг Ватан равнақи йўлида муносиб хизмат қиладиган илмли, зиёли кадр бўлиб етишишига замин яратиш орқали “Ижтимоий лифт” тамойилини қўллаб-қувватлашдан иборат.