Бундан буён вилоят ва туман соғлиқни сақлаш раҳбарларининг кунлик қабули маҳаллаларда ўтказилади.
“Шунда халқ билан мулоқот пайдо бўлади, одамларимиз бундан рози бўлади, тиббиёт тизимига холис баҳони халқнинг ўзи беради.
Шу ўринда вилоят, туман тиббиёт раҳбарлари, бош шифокорлар ва поликлиника мудирларига мурожаат қилмоқчиман. Улар ўзларига савол берсин: бемор шифохона ёки поликлиникага келганда қанча вақт сарфламоқда, олган хизматидан қанчалик кўнгли тўлмоқда?
Мазкур раҳбарлар ўзларини беморнинг ўрнига қўйиб, эшикдан бошлаб, врач қабулхонасига кириш учун хонама-хона юрса, рентген, лаборатория, УЗИ, ЭКГ учун бошқа-бошқа қаватга чиқиб-тушса, шунда одамларнинг ҳолатини тушуниб, бу саволга жавоб топади.
Шу боис, ҳар бир вилоят ва туман тиббиёт раҳбари, бош шифокор ва поликлиника мудири беморга эътиборли бўлиб, дардига шифо излаб келган ҳар бир инсоннинг иши тез битиши учун барча шароитларни яратиши шарт!”
— деди Президент.