Ҳурматли Раис Хоним Олийлари!
Ҳурматли Бош котиб Жаноби Олийлари!
Ҳурматли давлат ва ҳукумат раҳбарлари!
Қадрли биродарлар, Қатар Амири Шайх Тамим Ол-Соний Аъло Ҳазратларига Бутунжаҳон саммитини юксак даражада ташкил этганлари ва самимий меҳмондўстлик учун чуқур миннатдорлик изҳор этаман.
БМТ Бош котиби Антониу Гуттерриш Жаноби Олийларига ҳам ушбу анжумани ўтказишдаги улкан ҳиссаси учун алоҳида ташаккур билдирман.
Глобал ижтимоий тараққиёт учун муҳим платформа бўлган саммитнинг айнан Доха шаҳрида ўтказилаётгани катта рамзий маънога эга. Қатар Давлати сўнгги йилларда ижтимоий инклюзивлик ва жадал тараққиётнинг глобал марказига айланмоқда. Бундай улкан ютуқлар билан Қатар халқини чин дилдан табриклайман.
Бугунги кунда ижтимоий фаровонликни таъминлаш, аҳоли турмушини яхшилаш бўйича дунё ҳамжамияти ва миллий ҳукуматлар биргаликда ҳаракат қилмоқда. Ўзбекистон барқарор тараққиёт сари барча халқаро ҳамкорлик форматлари ва ташаббусларини доим қўллаб-қувватлайди.
Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!
Биз кейинги йилларда Янги Ўзбекистонда “Инсон қадри учун” тамойили асосий бўлган, ижтимоий адолат таъминланган ва эҳтиёжманд аҳоли самарали ҳимоя қилинган жамият барпо этмоқдамиз. Бу йўлдаги қатъий позициямизнинг асослари янги Конституциямизнида мустаҳкамланган ва мамлакатимизнинг ижтимоий давлат сифатидаги мақоми эълон қилинган.
Аввал тарқоқ бўлган ижтимоий ҳимоя дастурлари Ижтимоий ҳимоя Миллий агентлиги асосида бирлаштирилди. Янгиланган ижтимоий ҳимоя модели жамиятнинг қуйи бўғини — маҳаллалардан бошлаб, ҳар бир хонадон ва оилани қамраб олмоқда.
Охирги йилларда камбағаллик даражаси 35 фоиздан 6,6 фоизгача қисқарди. Биз бу йўлдаги ислоҳотларни давом эттирамиз.
Ҳурматли саммит иштирокчилари!
Жаҳонда мураккаб иқтисодий-ижтимоий жараёнлар кечаётган ҳозирги шароитда қуйидаги таклифларни илгари сурмоқчиман:
Биринчидан, камбағалликка қарши курашда халқаро ҳамкорликни янги босқичга кўтариш муҳим.
БМТ маълумотларига кўра, дунёда 1 миллиард 100 миллион аҳоли камбағалликда яшамоқда. Ривожланаётган давлатларнинг ижтимоий дастурларига ресурсларни кенг жалб этиш мақсадида Глобал ижтимоий адолат фондини ташкил этишни таклиф этамиз.
Иккинчидан, бандлик масаласини самарали ҳал этишда янги, замонавий механизмларни ишга тушириш долзарб.
Юқори технологиялар ва сунъий интеллект тараққиёти миллионлаб иш ўринларининг йўқолишига олиб келмоқда. Шу муносабат билан глобал ташаббус орқали ижтимоий масъулият ва муносиб меҳнатни рағбатлантириш зарур.
Учинчидан, барча учун таълим имкониятларини кенгайтириш орқали ижтимоий муаммоларга самарали ечим топиш мумкин.
Ҳозирги даврда саводсизликнинг йиллик иқтисодий зарари 1,4 трлн АҚШ долларига тенг. Бу ёш авлоднинг ижтимоий ҳаёт ва меҳнат бозорида ўз ўрнини топишини қийинлаштирмоқда. Шу боис, Global alyans қарорларини қўллаб-қувватлаймиз ва келгуси саммитлардан бирини Ўзбекистонда ўтказишни таклиф этамиз.
Тўртинчидан, меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларини тизимли ҳимоя қилиш зарур.
Дунё бўйлаб 300 миллиондан ортиқ мигрантлар ишламоқда. Уларнинг ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш ва халқаро форумлар ташкил этиш муҳим.
Бешинчидан, барчамиз ижтимоий ҳаётга иқлим ўзгаришининг таъсирини сезиб турибмиз.
Экстремал об-ҳаво, чўлланиш ва биохилма-хилликнинг йўқолиши заиф қатламлар ҳаётига салбий таъсир кўрсатмоқда. Оролбўйи минтақасида ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг янги моделини ишга тушириш ва тажрибани жаҳон ҳамжамияти билан бўлишишга тайёрмиз.
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Бугун қабул қилинаётган қарорлар жаҳондаги миллионлаб одамларга ишонч ва умид бағишлайди, барқарорлик ва фаровонликни таъминлашга ҳисса қўшади. Халқаро тараққиёт йўлида ижтимоий келишувни янгилаш ва ҳар бир инсон учун муносиб ҳаёт яратиш — асосий бурчимиздир.
Шу маънода, Доха сиёсий декларациясини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз ва ундаги тамойилларни ҳаётга татбиқ этишга тайёрмиз.
Сўзимни якунлаб, барчангизга омад ва ютуқлар, саммит ишига эса муваффақият тилайман.
Эътиборингиз учун раҳмат.