Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича режалар билан танишди. 2025 йилда 1,8 млрд доллар инвестиция жалб қилиш орқали 20 минг иш ўрни яратиш, захирадаги ерларда саноат зоналари ташкил этиш, яйловларни туристик ҳудудга айлантириш — шулар жумласидан.
Шавкат Мирзиёев 20 ноябрь куни Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуши фаровонлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Самарқанд мамлакат марказида жойлашган, савдо, саноат, туризм, транспорт ва аграр тармоқлар яхши ривожланган ҳудуд бўлиб, давлат раҳбарининг 2023 йил августдаги ташрифи чоғида белгиланган вазифалар бирин-кетин бажарилмоқда.
Аҳоли ва тадбиркорлар билан учрашувларда 4,1 млрд долларлик 120 та лойиҳани амалга ошириш имконияти аниқланган. Хусусан, келгуси йилда ҳудудий дастурлар доирасида камида 1,850 млрд доллар инвестицияларни ўзлаштириш, 20 минг иш ўрни яратиш ва қўшимча 1,2 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳисоб-китоб қилинган.
Президент Пастдарғом тумани «Чимбойобод» ҳудудида жойлашган ҳокимлик захирасидаги 234 гектар ерни мисол қилди, у ерда махсус саноат зонаси ташкил қилиш мумкин. Тадбиркорлар у ерга 500 млн доллар инвестиция киритиб, фармацевтика, кимё, электротехника, қурилиш материаллари ва озиқ-овқат лойиҳаларини бошлашга тайёрлигини билдирган.
Шунингдек, Зарафшон дарёси атрофидаги 25 гектар тошлоқ ер «Ургут» эркин иқтисодий зонасига қўшилса, 30 млн долларлик лойиҳаларга жой бўлади. Дарғом канали бўйида 35 километрли туристик йўлак, Нарпай каналида гастрономик кўприк ташкил этиш орқали биринчи босқичда 500 млрд сўмлик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Вилоятдаги яйлов ва лалми ерларни иқтисодий активга айлантириш керак, таъкидлади президент. У Самарқанд туманида 350 гектар лалми ерда туристик-рекреацион ҳудуд ташкил қилиб, мингта тадбиркорни жойлаштириш ва 3,5 мингта иш ўрни яратиш мумкинлигини кўрсатди.
«Булунғур туманидаги 6 минг гектар самараси кам ғалла майдонлари мева-сабзавот етиштиришга ихтисослаштирилса, гектаридан даромад 10 минг доллардан ошади, 45 минг одам ишли бўлади. Маҳсулотларнинг ярми экспортга чиқарилиб, қўшимча 52 млн доллар экспорт тушуми таъминланади», — дейилади хабарда.
Ҳозирда Иштихон, Ургут, Пайариқ ва Қўшработдаги одамлар 35 минг гектарда узум етиштиради, лекин сердаромад навларни экиш, касалликка қарши курашиш, янгича агротехник тадбирларга кўникма етишмагани учун ҳосилдорлик паст ҳисобланади. Шу боис Иштихонда Боғдорчилик ва узумчилик илмий институтининг тажриба станциясини ташкил қилиш таклифи билдирилган. Унда «in-vitro» усулида кўчатчилик йўлга қўйилиб, узумнинг «Гигант», «Сирлибой», «Аватар» каби бозорбоп навлари экилади. Натижада ҳосилдорликни қўшимча 25−30 центнерга, экспортни эса 20 млн долларга ошириш кутилмоқда.
Шунингдек, Қўшработ, Иштихон, Нуробод, Пастдарғом, Пахтачи ва Ургутдаги конлар негизида фойдали қазилмаларни қайта ишлаш корхоналари очиш мумкин.
Йиғилишда Самарқанд вилояти ҳокими шу каби имкониятларни ишга солиш бўйича чора-тадбирларни тақдимот қилди. Давлат раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини яхшилаш бўйича қарор киритиш вазифасини қўйди. Лойиҳаларни мастер-режа асосида жойлаштириш, кўпроқ иш ўринлари ва замонавий уй-жойлар ташкил этиб, аҳоли фаровонлигини ошириш юзасидан топшириқлар берди.
Уч кун аввал президент Андижон вилоятини 2025 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш кўрсаткичларини ҳам белгилаб берганди. Мақсадли вазифаларга кўра, ҳудудда инвестиция ҳисобига 305 минг аҳоли иш билан таъминланиб, 1 млрд доллар экспорт қилинади. Қир-адирлар тоифаси ўзгартирилиб, фойдаланишга топширилади.