Белгород вилояти, Яковлевский тумани, Биковка қишлоғида Россиянинг кучли портловчи ҳаво бомбаси маҳаллий мактаб биносига қулади. Бу ҳақда Россиянинг телеграм-каналлари фавқулодда хизматлардаги манбаларга таяниб хабар бермоқда.
Воқеа 19 ноябрь куни эрталаб соат 6:00 атрофида содир бўлган. Бомба бинонинг томини тешиб ўтган ва ҳозир учинчи қаватдаги хоналардан бирида турибди. Жабрланганлар йўқ. Астра маълумотларига кўра, мактаб ўқувчилари ва ходимларини эвакуация қилиш амалга оширилмаган. Воқеа жойига полиция ва ҳудудий мудофаа вакиллари етиб борган.
Бу Белгород вилоятидаги биринчи бундай ҳодиса эмас. Октябрь ойи охирида рус ҳарбийлари Белгороддан атиги 6 километр узоқликда жойлашган Пушкарное қишлоғига кучли портловчи бомба ташлади. Ўшанда ҳам ўқ-дорилар портламади ва зарар етказмади.
Астра ҳисоб-китобларига кўра, 2024 йилда Россия армияси Россия ҳудуди ва Украинанинг босиб олинган ҳудудларига камида 150 та кучли портловчи бомба ташлаган.