Польшанинг янги сайланган президенти Украинанинг ЕИга аъзо бўлишига қарши эканини билдирди.
«Мен ҳозирги шароитда Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилишига қаршиман», — деди Ян Навроцкий Венгриянинг Mandiner номли YouTube каналига берган интервюсида.
Шу билан бирга, у Польша учун Украинага стратегик ва геосиёсий нуқтаи назардан ёрдам кўрсатиш муҳимлигини таъкидлади. Навроцкийнинг таъкидлашича, Россия Европанинг хавфсизлигига таҳдид солмоқда.
Бироқ, унинг фикрича, Польша ва Венгрия каби Европа давлатларининг ўз манфаатлари борлигини Украина раҳбарияти ҳам тушуниши керак. Президент бундай манфаатларга мисол сифатида 1943 йилдаги Волин фожиаси қурбонлари — полякларнинг эксгумацияси масаласини келтирган.